Қашқадарёнинг Қарши туманида яшовчи шахс тумандаги ошхоналарга эшак ва ит гўштини сотишда айбланиб, судга тортилди.
Бу ҳақда Sof.uz нашрининг хабар қилишича, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди 62 яшар судланувчини "одамлардан касалланган ва ўлган мол, ит ва эшак гўштини арзон-гаровга олиб, Қарши шаҳридаги ошхона ва чойхоналарда мўмай пулга сотган"и учун судлаган.
Судланувчи эса айбловни бўйнига олган ва пушаймон эканини билдирган.
Буни инобатга олган ҳолда судя бу шахсга "8 миллион 612 минг сўм жарима тайинлаган".
Бу кейинги пайтларда Ўзбекистонда жамоат овқатланиш муассасаларида эшак гўшти сотилгани ортидан бошланиб кетган судловлардан навбатдагисидир.
Бунга қадар Тошкент, Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳам шу каби айбловлар билан шахслар қўлга олингани, емакхоналар ёпилгани, маҳкамалар бўлиб ўтгани ҳақида Озодлик хабар берган.