Аблязов Қозоғистон бўйлаб барча митингларни ўзи ташкил қилганини билдирди

Мухтор Аблязов.

Муҳожиротдаги қозоғистонлик банкир Мухтор Аблязов 10 май куни Қозоғистоннинг бир неча шаҳрида бўлиб ўтган норозилик намойишларининг ташкилотчиси ўзи эканини эътироф этди.

Озодлик қозоқ хизмати мухбирининг: “Бугунги норозилик тадбирларига алоқангиз борми?” деган саволига Аблязов Тармоқ мессенжери орқали: “Сиз ғалати савол бераяпсиз. Мамлакатдаги барча митингларнинг ташкилотчиси менман”, дея жавоб қайтарди.

10 май куни Остона, Олмаота, Уральск, Ақтўбе, Атирау, Семей ва Чимкентда рухсат этилмаган намойишлар бўлиб ўтиб, унда норозилар “сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши” ва “қийноқларга барҳам берилиши”ни талаб қилдилар ҳамда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият юзасидан ташвиш билдирдилар.

Намойишлар чоғида ўнлаб одам ушланди. Акциялар Қозоғистонга Европа парламенти расмий миссияси келиши муносабати Аблязовнинг тинч митингга чиқиш чақириғидан сўнг бошланиб кетди. Мазкур миссия Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида эришилган ҳамкорлик ва ҳамдўстлик шартномаси талаблари Остона томонидан қандай бажарилаётганига ўз баҳосини бериши керак.

Кузатувчиларга кўра, Олмаота ва Остонада полициячилар сони намойиш қатнашчилари сони билан тенг бўлган. Олмаотада камида 80 киши ушланган. Остонада йиғилган юзга яқин кишининг кўпи полиция томонидан ушланиб, автобусларда полиция идорасига олиб кетилган. Бошқа жойларда норозилик намойишларига камроқ одам чиққан, бироқ у ерларда ҳам ҳибсга олишлар бўлган. ИИВ ҳибсга олинганларнинг аниқ сони ҳақида маълумот бермаган.

Мухтар Аблязов қозоқ расмийлари томонидан БТА-Банкдан бир неча миллиард доллар ўмарганлик, жиноий гуруҳ ташкил қилганлик ва бошқа жиноятларда айбланиб келинади. Давлат тасарруфига ўтгунига қадар БТА-Банкка раҳбарлик қилган Аблязов бу айбловларни рад этиб келади.