Исроил армияси билан тўқнашувларда ўлган фаластинликлар сони 60 дан ошди

Ғазо сектори чегарасида Исроил армияси билан бўлиб ўтган тўқнашувда камида 52 киши ҳалок бўлиб, икки ярим мингдан ортиқ киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилди. АҚШ ўзининг Исроилдаги элчихонасини Қуддусда 14 май куни очиши норозиликларга сабаб бўлди.

Президент Дональд Трамп қарорига кўра, АҚШнинг дипломатик ваколатхонаси Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилди.

Қуддус шарқини ўзларининг бўлажак давлатларининг пойтахти дея ҳисобловчи фаластинликлар Вашингтоннинг бу ҳаракатларидан ғазабланишди.

Эрта тонгдан бошлаб Ғазо секторига ўн минглаб норози кайфиятда бўлганлар тўпланиб, чегара томон ҳаракатлана бошладилар, бироқ улар Исроил кучлари томонидан ўқлар билан кутиб олинди, дея хабар берди Би-би-си. Намойишчилар автомобилларнинг покришкаларини ёқиб, чегара томонга тош ва ёнувчи бомбаларни улоқтиришди. Исроил томонидан мерганлар ҳаракат қилди.

Фаластин мухторияти ҳукуматининг вакили Юсуф ал-Маҳмуд Исроилни “даҳшатли хунрезликлар”да айблаб чиқди ва халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўради. "Халқаро Амнистия" ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот юз берган ҳодисани кескин танқид қилиб чиқди ва намойишчиларга қарата ўқ узилганини инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқнинг бузилиши сифатида баҳолади.

Исроил томони 40 мингга яқин фаластинлик чегара яқинидаги 13та жойда чегара тўсиқларини бузиб ташлашга урингани ва тартибсизликларни келтириб чиқарганини, чегарачилар стандарт қоидаларга биноан ҳаракат қилганликларини маълум қилди.