Ўзбекистонда 2019 йил 1 январидан целлофан пакетларни бепул бериш, ўз қийматидан арзон нархда сотиш тақиқланади. Бу тақиқ президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда ўз аксини топган.
Мазкур ҳужжат, “Ахборот 24” дастури хабарига кўра, мамлакатда атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда ҳудудларнинг санитария-экологик ҳолатини яхшилаш соҳасидаги тадбирларни қамраб олган бўлиб, унда 2018 йил 1 сентябригача аҳолига атроф-муҳит ҳолати устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконини берувчи соҳадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида фото- ва видеоматериаллар жойлаштириладиган махсус веб-портал ишга туширилиши ҳам кўзда тутилган.