Қозоғистон жанубида террор тарғиботида гумонланган икки шахс ушланди

Жанубий Қозоғистон вилояти полицияси “террорчиликни тарғиб қилганликда” гумонланган икки шахс ушлангани ҳақида маълумот тарқатди, дея хабар қилади Озодликнинг қозоқ хизмати.

Вилоят ички ишлар департаменти хабармонасига кўра, Туркистон ва Сайрам туманларида ўтказилган “тезкор-қидирув тадбирлари” доирасида икки нафар гумондор “диний радикализм ғояларини тарғиб қилувчи аудио- ва видеоёзувларни тарқатгани сабабли” қўлга олинган.

Гумонланувчилар 1990 ва 1995 йилларда туғилган қозоғистонлик йигитлар экани, шу кунда улар тергалаётгани айтилмоқда.

Ўтган йили қозоқ расмийлари “террорчилик тарғиботи” айблови билан Сайрам туманида 11 киши ҳибсга олинганини маълум қилган эди. Бу туман аҳолисининг қарийб 70 фоизини, расмий маълумотларга кўра, ўзбек миллатига мансуб кишилар ташкил этади.