Россия Интерпол орқали ИДга қўшилган 28 тожикистонликни қидирмоқда

Абдушаҳид Турсунов.

Россия расмийлари “Ислом давлати” гуруҳига қўшилиб кетган 28 нафар тожикистонликни Интерпол орқали қидирувга берган.

Қидирилаётганларнинг кўпи аввал Россия ҳудудида террор хуружлари ҳозирлашда иштирок этгани, ёлланма жангариларни Суриянинг уруш қайнаган ҳудудига ўтказиш билан шуғуллангани ёки тақиқланган диний оқимлар ғояларини тарқатгани иддао қилинмоқда.

Халқаро полициянинг қизил рўйхатига (Red Notices) яқинда рудакийлик 32 ёшли Абдушаҳид Турсунов ёки Абу Саид ҳам киритилган. 2014 йилда Россиядан Сурияга ўтиб кетган бу йигит, тожик расмийлари иддаосига кўра, ўз ватанида 2015 йили президент Эмомали Раҳмонга суиқасд қилишни режалаган.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистондан қочиб кетган 2,5 мингдан зиёд ватандош террорчилик ва экстремизмга алоқадорликда айбланиб, Интерпол йўналиши бўйича қидирувга берилган.