Жорий йил 1 сентябригача аҳолига атроф-муҳит ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга имкон берувчи махсус вебсайт яратилади. Бу чора Ўзбекистон президентининг “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топган.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, сайтга ҳуқуқбузарликларга оид фото ва видео материалларни жойлаштириш имконияти бўлади. Президент қарорида ҳар бир хабар берилган ҳолат бўйича тезкор чоралар кўриш тизими жорий қилиш кўзда тутилган.
“Давлат экология қўмитасининг расмий веб-сайтида мазкур соҳада давлат-хусусий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида мамлакат ҳудудлари кесимида аҳоли яшаш пунктлари, яшовчи аҳоли ва мавжуд контейнерлар сонини кўрсатган ҳолда барча чиқинди тўплаш шохобчалари жойлашишининг электрон харитасини кўрсатувчи саҳифа очилишини таъминласин”, дейилади президент қарорида.