Бельгиядаги ҳужум террор сифатида баҳоланмоқда

Полиция Льёждаги ҳужум бўлган жойни текширмоқда.

Бельгиянинг Льёж шаҳрида содир этилган ҳужум террор ҳаракати сифатида баҳоланмоқда. Бу ҳақда шаҳар прокурори маълум қилди.

29 май куни содир этилган ҳужумда 4 одам, жумладан, ҳужумчининг ўзи ҳам ҳалок бўлган эди. Ҳужумда ўлганларнинг икки нафари полициячидир.

- Ҳужумчининг асосий мақсади полициячиларни ўлдириш бўлган. У полициячи аёлларга орқадан келиб ҳужум қилган. Полициячиларни ўлдиргач, ҳужумчи 22 ёшли йигитни отган ҳамда Леони де Ваха мактабига яшириниб, у ерда 2 аёлни гаровга олган,-деди Льёж полицияси бошлиғи Кристиан Бопер.

Хабарда айтилиишча, мактабга яширинган ҳужумчи отиб ўлдирилган, гаровга олинган аёллар озод этилган.

Бельгиянинг RTBF телеканали ҳужумчи 36 ёшли Бенжамэн Эрман экани тўғрисида хабар берди. У аввал “енгил жиноят”ни содир этганликда айбланиб қамалиб чиққан.

Полиция Эрман қамоқда ўтирганда радикалларга қўшилиб қолган бўлиши мумкин, деб таҳмин қилмоқда.