Вазирлар Маҳкамаси отларга паспорт бериш тўғрисида қарор қабул қилди

Вазирлар Маҳкамаси “От паспорти”ни бериш тартиби низомни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилди.

31 май куни эълон қилинган ҳужжат 15 июнгача халқ муҳокамасига қўйилиб, 26 июндан кучга киради.

Ҳужжатга биноан мамлакат ҳудудида мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тоифадаги субъектлар қарамоғида боқиб парвариш қилинаётган наслли ва спорт отларини “От паспорти” билан таъминлаш назарда тутилган.

Бундан ташқари отлар ёлининг жун толасидан ДНК тест таҳлилини ўтказадиган лаборатория ва Қорабайир зотли отларни келиб чиқиш ишончлилигини генетик таҳлил қилиш ва сертификатлаш лабораторияси ташкил этилиши назарда тутилган.

“Белгилансинки, от паспортига эга бўлмаган отлардан наслчиликда, миллий ва классик от спорти ўйинларининг барча турларида иштирок этишга, ипподром, от спорти клубларида ва мактабларида, хизматда фойдаланишга, вақтинча хорижга чиқиб-киришга, “Ким ошди” аукцион савдоларида иштирок этишга, кўргазмаларда қатнашишга ҳамда олди-сотди қилишга йўл қўйилмайди”, дейилади қарор лойиҳасида.