FIDE президенти Кирсан Илюмжинов Ўзбекистонни шахмат ватани деб расман тан олишни таклиф қилмоқда

FIDE президенти Кирсан Илюмжинов.

Халқаро шахмат федерацияси - FIDE президенти Кирсан Илюмжинов 4 июнь куни Ўзбекистон шахмат федерацияси президентини сайлаш муносабати билан Тошкентда ўтган йиғилишда Ўзбекистонни расман шахмат ватани, деб тан олиш юзасидан таклиф киритди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг бу ҳақдаги расмий баёнотида: “FIDE президенти шахматнинг ватани Покистон, Ҳиндистон ёки Эрон эмас, балки Ўзбекистон эканини таъкидлади. Бу қурқ сўз эмас, балки фан ва тарих вакиллари ўрганиб чиққан ҳамда илмий тадқиқотлар билан исботланган фактдир”, деб айтилади.

Миллий Олимпия қўмитасининг билдиришича, айни пайтда FIDE Халқаро Олимпия қўмитасига Ўзбекистонни шахмат ватани сифатида тан олиш масаласида расмий мактуб тайёрламоқда.

Йиғилишда Ўзбекистон шахмат федерациясига янги раҳбар этиб Дмитрий Ли сайланди. Анжуман иштирокчилари Батумида 3 октябрь куни бўлиб ўтадиган FIDE президентлигига сайловда Кирсан Илюмжинов номзодини қўллаб - қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

Айни пайтда Халқаро шахмат федерацияси Кирсан Илюмжиновдан истеъфога кетишни талаб қилмоқда. Талабномада Илюмжиновга нисбатан АҚШ Молия вазирлиги санкция жорий этгани муносабати билан ФИДЕ оғир молиявий қийинчиликларга учраётгани айтилади. Шунингдек, Илюмжиновнинг президентлиги “халқаро федерациянинг обрўсига путр еткизаётгани” ҳам таъкидланган.

Кирсан Илюмжиновни истеъфога чиқариш масаласи федерациянинг Минскда 7-8 апрелда ўтган президентлик кенгашида кўтарилган эди. Илюмжинов истеъфоси учун кенгашнинг 14 аъзоси овоз берган.

Кирсан Илюмжинов FIDE президенти лавозимини 1995 йилдан бери эгаллаб келади. 2015 йилда АҚШ Молия вазирлиги унга нисбатан санкция жорий этгач, Илюмжиновнинг президентлик ваколатлари чеклаб қўйилган эди.