Ёшлар Иттифоқи футбол ўйнаган мардикорларга бир литрдан пахта ёғи берди

Иллюстратив сурат.

“Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи навбатдаги ташаббуси ҳақида эълон қилиб, ижтимоий тармоқда кулгига қолди”, деб хабар берди "Кун уз" нашри..

Маълум бўлишича, Ёшлар Иттифоқининг Бухоро шаҳар кенгаши мардикор бозорига 1-2 сўм пул топиш илинжида чиққан 40 нафар йигитни тўплаб футбол мусобақаси ўтказган.

Мусобақа ҳақида Фейсбук саҳифасида дабдабали ва баландпарвоз хабарни эълон қилган Ёшлар Иттифоқи ғолибларга 1 литрдан пахта ёғи ва электр-чойнакларни топширган.

Иттифоқнинг бу хабари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кулгусига ва норозиликларига сабаб бўлди.

“Ҳақиқий ҳолат шундай. Ташкилотнинг имижи кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда. Бу ҳолат Ёшлар иттифоқига саволларни янада кўпайтиради. Майнабозчилик қилиш қачон бас қилинади? Бу тузилма қачон «уюшмаган» ёшларни тинч қўйиб реал ижтимоий-сиёсий долзарб муаммоларни ҳал қилади?” деб ёзди “Кун уз”.