Қирғизистон Олий суди қозоқ мухолифатчисини қамоқда қолдирди

“Қозоғистон демократик танлови” фаоли экани айтилаётган Муратбек Тунгишбаев.

Қирғизистон Олий суди Остона сўрови билан қўлга олинган қозоғистонлик фаол Муратбек Тунгишбаевни эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда қолдирди.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Адил Турдукуловнинг Озодлик радиосига билдиришича, қарор 13 июнда қабул қилинган.

Остона “Қозоғистон демократик танлови” фаоли экани айтилаётган Муратбек Тунгишбаевни экстремистик ташкилотдан молиявий кўмак олганликда ва унинг фаолиятида иштирок этганликда айбламоқда. Тунгишбаев бу айбловларни рад этмоқда.

“Қозоғистон демократик танлови” қочқинликда юрган қозоқ мухолифатчиси Мухтор Аблязов томонидан ташкил этилган эди. Март ойида Қозоғистон суди бу партия фаолиятини мамлакат ҳудудида тақиқлаган.

Қирғизистон Бош прокуратураси 24 май куни қўлга олинган Муратбек Тунгишбаев Қозоғистонга экстрадиция қилиниши мумкинлигини билдирган. Бу масала бўйича жараён Бишкек шаҳар судида 19 июнда ўтказилиши режалаштирилган.

Қирғизистон Миграция хизмати 5 июнь куни Тунгишбаев Қирғизистондан расман сиёсий бошпана сўраганини маълум қилди.