Ўқитувчиларнинг ойлиги 1 сентябрдан 10 ва 24 фоизга оширилади

Иллюстратив сурат.

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг юқори синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари 24 фоизга, бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари эса 10 фоизга оширилади.

Бу борада президентининг Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталида муҳокама учун эълон қилинган “Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида белгиланди.

Қарорда, шунингдек, энг яхши фан ўқитувчиларини чет эллардаги етакчи таълим муассасаларига малака ошириш учун қисқа муддатли стажировкаларга юбориш режалаштирилмоқда.

Ўқитувчиларни давлат мукофотларига тавсия этиш салмоғини кўпайтириш, йилда бир маротаба кенг қамровли бепул тиббий кўрикдан ўтказиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари таълим муассасаси ва халқ таълими бошқарув органларида 5 йилдан ортиқ фаолият олиб бораётган, ўз касбий маҳоратини намоён қилаётган, таълим сифатига муносиб ҳисса қўшаётган педагоглар учун арзон уй-жойлар қурилиши дастури доирасида уй-жой сотиб олишлари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш кўзда тутилмоқда.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 28 июнда якунланади.