Афғонистонда ҳайитнинг учинчи куни содир этилган портлашда камида 18 одам ўлди

Нангарҳор вилоятидаги террорда яраланганлардан бири.

Афғонистоннинг Нангарҳор вилояти маркази бўлган Жалолобод шаҳрида Рамазон ҳайитининг учинчи куни содир этилган худкуш ҳужум оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлди.

-Мен бу ерда ўқ отишни тўхтатиш режимига қўшилиб, одамлар билан учрашишга келаётган толибларни кутаётган эдим. Мен ўқ отиш тўхтатилганидан жуда хурсанд эдим. Бирдан портлаш юз берди... ундан кейин нима бўлганини билмайман, - деди воқеа гувоҳларидан бири Раҳимулло.

17 июнда Афғонистонда ҳайит муносабати билан ўқ отиш тўхтатилганига уч кун бўлган эди.

Нангарҳор вилоят ҳокими матбуот котиби Аталлоҳ Хўжанийнинг Озодлик радиосига билдиришича, ҳужум оқибатида 49 одам яраланган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Расмийлар ҳужум ўқ отишни тўхтатиш режимига қўшилмаган “Ислом давлати” гуруҳи томонидан амалга оширилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Нангарҳор вилоятида 16 июнь куни ҳам мана шундай ҳужум амалга оширилиб, унда камида 36 киши ҳалок бўлган эди.

Расмий маълумотга кўра, ҳужумчи 16 июнь куни Толиблар ҳамда ҳукумат кучлари биргаликда ўтказаётган йиғин пайтида ўзини портлатиб юборган.

Ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” жангари гуруҳи ўз бўйнига олди.