Қамоқда ўтирган Туркия президентлигига номзод сайловчиларга мурожаат қилди

Туркияда қамоқда ўтирган президентликка номзод, курд миллатига мансуб Салоҳиддин Демирташ.

Туркияда қамоқда ўтирган президентликка номзод, курд миллатига мансуб Салоҳиддин Демирташ якшанба куни TRT миллий телеканали орқали 10 дақиқа халққа мурожаат билан чиқди. У ўз сўзида Туркиянинг амалдаги ҳокимиятини “репрессив режим” деб танқид қилди. Шунингдек, у президентлик сайловида асосан аёллар ва ёшларнинг қўллаб-қувватлашига умид қилаётганини айтди:

-Мен асосан аёллар ва ёшлардан умидворман. Менда мавжуд имкониятлар жуда чекланган. Мени қаттиқ режимдаги қамоқда сақлашаяпти, бироқ сизлар мен учун сайловолди тарғиботини ғайрат ва ишонч билан ўтказишингизга ишонаман. Мен, шунингдек, сизлар овоз бериш қутиларини сайлов натижалари сохталаштирилмаслиги учун қўриқлашингизни ҳам биламан, - деди Демирташ.

Туркия қонунларига асосан президентлика номзод миллий телеканалдан 20 дақиқа чиқиш қилиш ҳуқуқига эга.

“Халқ демократияси” партиясининг собиқ ҳамраиси Демирташ 2016 йилнинг ноябридан бери қамоқда қолмоқда. У “курд жанггарилари билан алоқа қилганлик”да айбланмоқда.

Демирташ ва унинг партияси бу айбловни инкор қилиб келади.

Туркияда президентлик сайлови 24 июнда ўтказилади. Сайловдаги асосий номзод амалдаги президент Режаб Тоййип Эрдўғон бўлиши кутилмоқда.