Шаҳрисабз июнь ойида ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатидан чиқарилиши мумкин

Шаҳрисабздаги Кўк гумбаз масжиди.

Жаҳон мероси қўмитасининг июнь ойи охирида ўтадиган йиғилишида Шаҳрисабзни ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатидан чиқариш масаласи муҳокама этилади. Бу ҳақда “Газета уз” нашрига германиялик мутахасис Йенс Йордан маълум қилди.

Хабарда айтилишича, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси маркази Шаҳрисабзни Жаҳон мероси рўйхатидан чиқариш бўйича тақдимнома киритган.

Йорданнинг билдиришича, 2014 йилда Шаҳрисабздаги тарихий маҳаллалар бузиб ташлангани ортидан ЮНЕСКО Ўзбекистон ҳукуматига бу йўқотиш ўрнини қандай тўлдириш масаласида таклифлар киритишни илтимос қилган. Бироқ уч йил давом этган мазкур жараёнда Ўзбекистон томони фақат “косметик” таклифларни киритган.

“Масалан,Ўзбекистон ҳукумати болалар учун ташкил этилган ўйингоҳларни кўчириш ёки кўча чироқлари сонини камайтириш каби таклифларни киритган. Бундай самарасиз чора-тадбирлар Жаҳон мероси маркази томонидан ҳеч қачон илтимос қилинмаган”, деб билдирган германиялик мутахасис.

Шаҳрисабз ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига 2000 йилда киритилган эди.