“Ўзавтосаноат” бошқаруви раиси Умиджон Салимов 26 июнь куни ишда йўл қўйган камчиликлари ва соҳада қониқарсиз вазият пайдо бўлгани ортидан ўз лавозимидан бўшатилди. Унинг ўрнига аввал бош прокуратура тизимида ишлаган Шавкат Умурзаков тайинланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Ахборот 24” кўрсатувида хабар қилинди.
Президент матбуот хизмати аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев автомобиль саноати истиқболларига бағишланган йиғилиш ўтказганини билдирган эди.
Йиғилишда президент “Ўзавтосаноат” раҳбарияти фаолиятини кескин танқид қилган.
“Жумладан, кейинги пайтларда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми камайгани, тармоқнинг барча даражадаги бошқарувида коррупция, товламачилик, таниш-билишчилик каби иллатлар томир отиб кетгани танқид қилинди”, дейилади расмий хабарда.