Москва суди Озод Европа - Озодлик радиосини жаримага тортди

Озод Европа - Озодлик радиоси эмблемаси.

Москва суди Озодлик радиоси рус хизматини “хориж агенти” тўғрисидаги қонунга амал қилмаганликда айблаб, жаримага тортди.

Москва шаҳар Тверь туман суди қарорига асосан Озодлик радиоси рус хизмати юз минг рубль миқдорида жарима тўлаши шарт.

Судда билдирилишича, агар радио бу қонун талабини яна бузадиган бўлса жиноят иши очилиши ва радионинг Россиядаги фаолияти тақиқланиши мумкин.

Озодлик радиоси адвокатлари судда Адлия вазирлигига бир неча маротаба “хориж агенти” тўғрисидаги қонун талабларига амал қилиш жараёни юзасидан тушунтириш сўраб мурожаат қилганини, бу борадаги барча ҳужжатларни тайёрлаб тақдим этганини, бироқ Адлия вазирлиги бу мурожаатларни эътиборсиз қолдирганини билдирдилар. Суд бу эътирозларни эътиборга олмади.

Озодлик радиоси президенти Томас Кент мазкур суд жараёнини “Россия ҳукуматининг медиаширкат фаолиятига тўсқинлик қилиш бўйича яна бир уриниши”, деб баҳолади.