Таиланддаги ғорда қамалиб қолган болаларни олиб чиқиш давом этмоқда

9 июль куни Таиланд шимолидаги ғорда қолиб кетган 12 ёш футболчидан яна бир нафари олиб чиқилди.

8 июль куни бошланган қутқариш операцияси давомида болаларнинг тўрт нафари ғордан олиб чиқилган эди.

Воқеа жойидан хабар бераëтган агентликларнинг хабар қилишича, икки ҳафта сув босган ғор ичида қолиб кетган бу болалар олиб чиқилиши билан вертолëтлар воситасида шифохонага олиб кетилган.

Амалиёт бошланиши олдидан матбуотга сўзлаган Чианграй вилояти губернатори Наронгсак Осоттханакон:

- Об-ҳаво - яхши. Сув баландлиги - яхши. Ғаввослар - тайёр. Ўсмирлар ҳам чиқишга жисмонан, руҳан ва ақлан тайёр, - деган эди.

Таиланд расмийларига кўра, ўсмирларни қутқариш амалиётида 40 нафар маҳаллий¸ 50 нафар хорижлик ғаввос иштирок этмоқда.

23 июнь куни болалар футбол жамоаси аъзолари мураббийси билан биргаликда Таиланднинг Тхам Луанг ғорида йўқолиб қолган эди. Орадан деярли ўн кун ўтиб, улар ғорнинг ичидан тирик топилди.

Гуруҳ кучли ёмғир оқибатида ғорга кириш йўллари сув остида қолгани сабабли ғордан чиқа олмай қолган.

Эндиликда уларни қутқариш амалиёти уч-тўрт кунга чўзилиши мумкинлиги айтилмоқда.