Назарбоев умрининг охирига қадар Хавфсизлик кенгаши раиси бўлди

Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистонни 30 йилдан бери бошқариб келаëтган Нурсултон Назарбоев умрининг охирига қадар мамлакат Хавфсизлик хизмати раиси бўлиш ҳуқуқига эга бўлди.

Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши ваколатларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳасига Назарбоев 78 ëшга тўлган куни – 5 июлда қўл қўйди ва у матбуотда эълон қилинган 12 июлдан бошлаб кучга кирди.

Парламент томонидан қабул қилинган бу қонунни Қозоғистон Конституцион суди ҳам тасдиқлаган.

Кузатувчиларга кўра¸ бу қонун Нурсултон Назарбоевнинг президентликдан кетган тақдирда ҳам ҳокимиятни ўз қўлида сақлашига йўл очади.

Ўтган йили Назарбоев парламент ва ҳукуматга кенгроқ ваколат бериб¸ ўзига «олий ҳакам» ролини бериш режаси борлиги ҳақида гапирган эди.

Назарбоев 1989 йил – Қозоғистон ҳали СССР таркибида бўлган даврдан бери мамлакатни бошқариб келмоқда. 2015 йили Назарбоев бешинчи марта президентликка сайланди ва Марказий сайлов комиссияси Назарбоевга сайловчиларнинг 97,75 фоизи овоз берганини билдирган эди.