Ҳуқуқ фаоллари тожик журналисти 12 йилга қамалганини қораламоқда

Ҳайрулло Мирсаидов.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти ва Тожикистон мустақил ОАВлари миллий ассоциацияси журналист Ҳайрулло Мирсаидов 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганини қоралади ҳамда расмий Душанбени журналистни зудликда озод этишга чақирди.

Бу икки ташкилотнинг 16 июлда билдиришича, Ҳайрулло Мирзаидовга нисбатан олға сурилган молиявий қаллобликлар тўғрисидаги айбловлар сохаталаштирилганига ишонилади.

11 июль куни Хўжанд шаҳри суди Мирсаидовни давлат маблағларини ўзлаштириш ва суиистеъмол қилишда ҳамда миицияга ёлғон ҳисобот беришда айбдор деб топиб, 12 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Мирсаидов Хўжанд шаҳрида 2017 йилнинг декабрида қўлга олинганди. Расмийлар унга давлат мулкини ўзлаштириш, ҳужжатларни сохталаштириш, милицияга ёлғон ҳисобот бериш ва этник ва диний нафрат қўзғатиш айбловларини қўйган эди.

Журналист унга қўйилган айбловларга ҳукумат коррупцияси ҳақидаги мақолалари туртки бўлганини айтиб, уларга иқрор бўлмади.