Инвесторларга Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқи ва "Фахрий фуқаро" унвони берилади

Ўзбекистонга 200 минг доллардан кам бўлмаган миқдорда сармоя киритган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга соддалаштирилган тартибда мамлакатда истиқомат қилиш учун яшаш гувоҳномаси ва 3 йиллик муддатга кўп марталик кириш визаси берилади.

Бу меъёр 1 августдан кучга кирадиган “Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасида белгилаб берилди.

Бундай имтиёзга эга бўлиш учун сармоядор 200 минг доллардан кам бўлмаган маблағга кўчмас мулк ёки корхоналарнинг акцияларини сотиб олиши ёҳуд қўшма корхона ташкил этиши шарт бўлади. 3 йиллик кўп марталик виза муддатини Ўзбекистонни тарк этмаган ҳолда мамлакат ичкарисида узайтириш мумкин.

Фармон лойиҳасида, шунингдек, мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишларига катта миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқароларига “Фахрий фуқаро” унвони бериш ҳам назарда тутилган.