Қирғизистон Чегара хизмати аҳолини қўшни давлатларга "Таблиғи жамоат" адабиётини олиб кирмасликка чақирди

Иллюстратив сурат.

Хориж давлатларида “тақиқланган адабиётни мамлакатга олиб кириш” айблови билан қўлга олинган қирғизистонликлар сони кўпаймоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати 17 июлда маълум қилди.

Маълумотда бундай айблов билан қўшни давлатларда қанча одам қўлга олингани тўғрисидаги рақамлар келтирилмаган.

Расмий маълумотда айтилишича, қўшни давлатларнинг чегараларида қирғизистонликлар олиб ўтаётган юкларни ва буюмларни қаттиқ текшириш бошланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Чегара хизмати фуқароларни Қирғизистонда қонуний деб ҳисобланадиган диний адабиётлар қўшни давлатларда ноқонуний деб ҳисобланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Масалан, Қозоғистонда “Таблиғи жамоат” диний оқимига мансуб адабиётлар ноқонуний деб ҳисобланади”, дейилади расмий маълумотда.

Қирғизистонда фаолияти тақиқланмаган “Таблиғи жамоат” Ўзбекистонда ва Россияда ҳам қонундан ташқари, деб ҳисобланади.