Россиядаги уюшган жиноий гуруҳ аъзосига Қирғизистон паспорти қандай берилгани юзасидан тергов бошланди

Қирғизистон хориж паспорти.

Қирғизистон ҳукумати Россиядаги уюшган жиноий гуруҳларидан бирининг фаол аъзоси Борис Матузний қирғиз паспорти билан қўлга тушгани юзасидан терговни бошлади. Бу ҳақда 18 июль куни Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Россиянинг Приморье ўлкасида истиқомат қилган Борис Матузний январь ойида Россия сўрови билан Испанияда қўлга олинган эди.

Тергов давомида у 2016 ва 2017 йилларда Қирғизистоннинг Сузоқ туманида икки марта сохта исм-фамилия билан паспорт олгани аниқланган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги шу муносабат билан Сузоқ туманида паспорт беришга масъул бўлган икки амалдор қўлга олинганини билдирди.

2016 йилнинг майида Қирғизистон расмийлари Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухторияти фуқаролари бўлган 98 уйғур Туркияга ўтаётганда қалбаки қирғиз паспортлари билан қўлга олинганини билдирган эди.