Рахмат Оқилов Швециянинг энг қаттиқ назорат қилинадиган қамоқхонасида сақланади

Рахмат Оқилов.

Швеция пойтахти Стокҳольмда террорчи сифатида судланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Ўзбекистон фуқароси Рахмат Оқилов Кумлаанштальт қамоқхонасида сақланади.

Швециянинг SVT телеканалига кўра, мазкур қамоқхона мамлакатдаги назорат энг қаттиқ бўлган жазони ўташ макамаси ҳисобланади. Оқилов қамоқхонадан қочишга уриниши мумкинлиги ҳисобга олиниб, Кумлаанштальтнинг махсус бўлимида бошқа маҳбуслар билан мулоқот таъқиқланган ҳолда сақланади.

Стокҳольм суди ўзбекистонлик муҳожир Раҳмат Оқиловга нисбатан ҳукмни шу йилнинг 7 июнида чиқарган эди. Швецияда умрбод қамоқ жазоси ўртача 16 йилни ташкил этади - Оқилов бу муддатни ўтаб бўлганидан сўнг¸ Швецияга қайтмайдиган қилиб¸ Ўзбекистонга депортация қилинади.

2017 йилнинг 7 апрелида Оқилов Стокҳольм марказидаги пиёдалар юрувчи кўчада юк машинасини қасддан одамлар устига ҳайдагани оқибатида 5 одам ўлган, 10 нафари жароҳатлаган эди.

Стокҳольм маҳкамаси Оқиловни шунингдек яна 119 одамни қасддан ўлдиришга уриниш¸ 24 нафар шахс ҳаëтига таҳдид қилганликда ҳам айбдор деб топган.