Қирғизистонда вазир "Азаттиқ" журналисти ўлими бўйича терговни назоратга олди

Қирғизистонлик журналист Уланбек Егизбаев (1990-2018)

Қирғизистон ички ишлар вазири Озод Европа /Озодлик радиоси Қирғиз хизмати мухбири ўлими билан боғлиқ тергов назоратини ўз қўлига олди.

Уланбек Егизбаев 22 июль куни Иссиқкўл бўйида дам олаётганда сувга чўкиб кетганди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси дастлабки тергов чоғида қасддан одам ўлдирилганини истисно қилди.

Бошқарма вакилига кўра, Уланбек Егизбаевнинг Чўлпон-Ота шаҳрига яқин Акун курорти пляжидаги ўлими "тасодиф" бўлган.

Озод Европа /Озодлик радиоси Қирғиз хизмати ходимларининг айтишича, яқинда кимдир Егизбаевга телефон ва мактуб орқали таҳдид қилган.

Бундай таҳдидларга унинг коррупция ҳақидаги хабарлари сабаб бўлган.

Айни ҳолат 28 яшар мухбирга кимлардир ҳужум қилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни кучайтириб юборди.

Аммо, Иссиқкўл вилояти Ички ишлар бошқармаси "айрим шахсларнинг ижтимоий тармоқлар"даги "қотиллик" ҳақидаги иддаоларини "сохта хабар" дея рад этди.

Ички ишлар вазири Қашқар Жунусалиев шундан сўнг терговни ўз назоратига олди.

Егизбаев оиласининг илтимосига кўра, Бишкек шаҳридаги Суд-тиббиёт экспертиза маркази 23 июлда мурдани ёриб кўрди.

Унинг дастлабки натижалари ўлимга "сувга чўкиш" сабаб бўлганини кўрсатди.

Аммо ёриб кўришнинг якуний натижаларини тайёрлаш заҳарланиш бор-йўқлиги тўғрисидаги ҳисобот билан бирга тахминан бир ой вақт олиши кутилмоқда.

Президент таъзия билдирди

23 июль куни Қирғизистон президенти Сооронбой Жеенбеков Егизбаевнинг қариндошлари ва ҳамкасбларига таъзия изҳор қилди.

У Егизбаевнинг коррупционер ҳукумат амалдорлари ҳақидаги суриштирув материалларини мақтади.

У "Қирғизистон жамиятдаги иллатларга қарши аёвсиз курашган истеъдодли журналистидан ажраб қолди," деб айтди.

Ички ишлар вазири Жунусалиев криминологлар, тиббиёт ходимлари ва Озод Европа /Озодлик радиоси Қирғиз хизмати ходими ва Егизбоевнинг бир қариндошидан иборат тергов комиссияси тузди.

Бош вазир Муҳаммадкали Абулғозиев 23 июлдаги ҳукумат мажлисида журналистнинг ўлими билан боғлиқ ҳар хил миш-мишларнинг олдини олиш учун Қирғизистон халқига терговнинг аниқ ва ошкор натижалари ҳавола қилиниши кераклигини айтди.

Гувоҳларнинг айтишича, дам олувчиларга Иссиқкўлнинг шимолий соҳилида енгил таомлар сотиб ўтирган икки бола Егизбаевнинг бор кучи билан қирғоқ яқинида сузаётганини кўрган экан.

Ўша пайтда соҳилда қутқарувчилар бўлмаган.

Коррупцияни фош қилиб

Егизбаевнинг Қирғизистон пойтахти атрофидаги ерларни ноқоуний сотишга аралашиб қолган давлат амалдорлари ҳақида кўплаб суриштирув материаллари тайёрлади.

У Бишкек шаҳридаги қабристонларда аслида бепул берилиши керак бўлган қабр жойларини ноқонуний сотиш ҳолларини ҳам фош қилиш билан шуғулланди.

2016 йили Егизбаев тайёрлаган видеоматериал обрўли "Халқ овози" Вебби мукофотига сазовор бўлди.

Унда ногирон ўсмирнинг ўнқир-қўнқир йўллардан мактабга аравачада қатнаши ҳақида ҳикоя қилинади.

Видеони 1 миллиондан ошиқ киши кўрди.

"Нью-Йорк Таймс" газетаси Веббини "Интернетнинг энг юқори мукофоти" деб тавсифлаган эди.

Июнь оийда Эгазбаев Қирғизистон мустақил журналистлар уюшмасининг "Олтин қалам" мукофотига сазовор бўлган эди.