Самарқандда мактаб директори ўқувчиларни калтаклаганликда гумонланиб қўлга олинди

Самарқанддаги 64-ихтисослашган мактаб-интернат директори Шуҳрат Садинов ўқувчиларга нисбатан куч қўллаганликда гумонланиб қўлга олинди. Унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш масаласи ўрганилмоқда. Бу ҳақда 24 июль куни Бош прокуратура расмий сайтида маълум қилинди.

Аввалроқ мазкур мактаб тарбияланувчиларидан бирининг онаси Муҳаббат Мирзаева “Газета.uz ” нашрига махсус мактаб раҳбарияти тизимли равишда болаларни калтаклаб, уларга жисмоний ва руҳий босим ўтказгани, дарс ва машғулотларни ўтказмасдан, уларни оғир жисмоний меҳнатга жалб қилиб келгани, ёмон овқатлантиргани ва тез-тез оч қолдирганини маълум қилган эди.

Шундан сўнг Бош прокуратура ва Халқ таълими вазирлиги ихтисослашган мактабдаги вазиятни ўргана бошлаган.

Текшрув жараёнида мактаб директори ва айрим мураббийлар ўқувчиларга раҳмсиз муомалада бўлиб, муттасил равишда уриб, қийнаб, уларга турли даражадаги тан жароҳатлари етказгани аниқланган.

“Ушбу ҳолат юзасидан 23 июлда Самарқанд шаҳар прокурори томонидан 64-сонли мактаб-интернати директори Ш. Садинов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (вояга етмаганларга нисбатан муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш), 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади расмий хабарда.