Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси бош қароргоҳи Люксембургда жойлашган IFG Capital Partners ширкати билан ҳамкорликда Яхтон вольфрам конини ишга туширишни режалаштирмоқда.
Sputnik нашрининг 25 июлда билдиришича, Яхтон вольфрам кони Самарқанд вилояти Ургут туманида жойлашган.
“Агар тадқиқотлар ижобий бўлса, IFG мазкур вольфрам конини саноат йўли билан ўзлаштиришни ташкил этади. Мазкур компания дастлабки босқичга зудлик билан киришишни мўлжаллаяпти. Бу бурғулаш ишларини ҳам ўз ичига олади. Шу асосда мавжуд захиралар тасдиқлаб олинади, рудани қайта ишлашнинг оптимал сценарийси аниқланиши учун металл текширувлар ўтказилади”, - дейилади хабарда.
Маълумотларда қайд этилишича, Яхтон конида вольфрам уч оксидининг 20 тоннадан зиёд заҳираси борлиги тахмин қилинмоқда.
Вольфрам – табиатда энг кам учрайдиган фойдали қазилмалардан бири. Wikipediaга кўра, бугунги кунда вольфрам заҳиралари фақатгина 10та мамлакатда борлиги аниқланган. Дунёда бир йилда ўртача 50 тонна вольфрам моддаси қазиб олинади.
Вольфрамдан чўғланма лампа спирали, электрон пайвандлаш аспоблари, турли кесувчи ва тешувчи аспоблар, қиздриш спираллари ясалади. Вольфрамдан зирҳни тешувчи снаряд ва ўқлар, ракеталарнинг уч қисмлари, радиоактив ҳимоя воситалари ясалади.