Қирғизистон ҳукумати собиқ бош вазир Данияр Усенов масаласида Беларусга норозилик нотаси топширди

Сурат марказида Данияр Усенов экани айтилаётган Даниил Урицкий.

Қирғизистон ҳукумати Беларусдан оммавий ахборот воситаларида собиқ бош вазир Данияр Усенов юзасидан пайдо бўлган маълумотлар юзасидан тушунтириш беришни талаб қилмоқда.

Қирғиз матбуотида Қирғизистонда умрбод қамоқ жазосига сиртдан ҳукм қилинган Данияр Усеновга ўхшаган одам Даниил Урицкий деган ном билан Беларусь давлат қишлоқ хўжалик корпорациясига раҳбарлик қилаётгани тўғрисида хабар берилган эди.

Усенов собиқ президент Қурмонбек Бакиев ва яна 24 давлат амалдори билан биргаликда 2014 йилда 2010 йил 7 апрель воқеаси пайтида одамлар ўлимига алоқадорликда айбланиб умрбод қамоққа сиртдан ҳукм қилинган.

Қирғизистонда инқилоб сифатида талқин қилинадиган 7 апрель воқеасида президент Бакиев сиёсатига қарши чиққан норозиларга ўқ отилиши оқибатида юз нафар одам ҳалок бўлган.

28 июль куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига Беларусь элчиси Сергей Иванов чақиртирилди ва унга норозилик нотаси топширилди.

Бакиев ва Усенов 2010 йил 7 апрелда ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг Беларусдан бошпана топган эди.