Россия Исроилнинг Эрон борасидаги талабларини "реалликдан узоқ" деб баҳолади

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу (чапда) Россия президенти Владимир Путин билан.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Эрон ва унинг иттифоқчилари Сурияни тарк этиши тўғрисидаги такрорий талаблари “реалликдан узоқ”. Бу ҳақда Россиянинг Исроилдаги элчиси Анатолий Викторов “Channel 10” телеканалига 30 июлда берган интервьюсида маълум қилди.

“Эрон Суриядаги террорчиларни йўқ қилишдаги умумий ҳаракатларимизда муҳим рол ўйнамоқда. Шунинг учун ҳам биз Сурия Араб Республикаси ҳудудидан бугунги кунда хориж давлатлари кучлари чиқариш талабини реалликдан узоқ деб ҳисоблаймиз”, - деди элчи.

Сурия ҳукумати Россия, Эрон ва Теҳрон иттифоқчиси бўлган “Хезболлоҳ” жанггарилари кўмагида жорий йилда мамлакатнинг катта ҳудудларидаги назоратни яна ўз қўлига олди. Сурияда 7 йилдан бери давом этаётган урушда 400 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлди.

Исроил Эроннинг Суриядаги ҳозирлигини яҳудий давлати учун таҳдид деб билади. Шунинг учун Бинямин Нетаняҳу бир неча маротаба Россия президенти Владимир Путиндан Эрон қўшинларини Суриядан чиқаришда кўмак кўрсатишни илтимос қилган.

Бинямин Нетаняҳу Москвада 11 июлда Россия президенти Владимир Путин билан ҳам учрашган эди. Музокаралар чоғида Бинямин Нетаняҳу, агар Эрон қўшинлари Суриядан олиб чиқиб кетилса, Исроил Башар Ассаднинг ҳокимиятда қолишига қаршилик қилмаслигини билдирган.