Сенат Туроб Жўраев дахлсизликдан маҳрум этилганини бир ой ўтиб ошкор қилди

Туроб Жўраев қамоққа олинганига қарамай ҳамон сенаторлар рўйхатида қолмоқда.

Сенат Кенгаши сенатор, Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туроб Жўраевни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида 11 июлда қарор қабул қилганини 13 август куни маҳаллий нашрлар орқали жамоатчиликка ошкор этди. Сенат сайтида эса бу масалада расмий ахборот ҳозирга қадар берилган эмас.

Сенат матбуот хизматининг билдиришича, қарор ўша куниёқ Бош прокуратурага юборилган. Сенат мазкур қарор қабул қилинганини билдиргунига қадар ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий матбуотда Туроб Жўраев қандай асосда қамоққа олингани номаълумлигича қолаётгани тўғрисига гап-сўзлар пайдо бўлган эди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 6-моддасига кўра Сенат аъзоси дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади.

Сенатор¸ мазкур дахлсизликка мувофиқ¸ Сенат розилигисиз, Сенат мажлислари оралиғидаги даврда эса, Сенат Кенгаши розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

2017 йилда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тайинланган Туроб Жўраев катта миқдордаги коррупцияга алоқадорликда гумонланиб¸ ўтган ой қамоққа олинган эди.