Лондон полицияси парламент олдидаги аварияни террор хуружи сифатида тергов қилмоқда

Лондон полицияси машинасини Британия парламенти олдидаги хавфсизлик тўсиқларига келтириб урган шахсни “террорчилик”да гумонлаб¸ ҳибсга олди.

Лондон полициясига кўра¸ бир неча пиëдага жароҳат етказган бу воқеа террор хуружи сифатида малакаланган ва уни террорчиликка қарши кураш бошқармаси тафтиш қилмоқда.

Машинани хавфсизлик тўсиқлари устига ҳайдаган эркак воқеа жойида ҳибсга олинган¸ ҳозирча унинг шахси очиқланмади.

Гувоҳлар¸ ҳайдовчининг машинани парламент олдидаги бетон ва темир тўсиққа атайлаб ҳайдаганини таъкидламоқда. Айни пайтда¸ полиция машинадан қурол-яроқ топилмаганини билдирди.

2017 йил март ойида Холид Масъуд машинасини катта тезликда Вестминстер кўпригидаги пиëдалар устига ҳайдагани оқибатида тўрт одам ўлган эди. Бу террор хуружидан сўнг¸ кўприк ва унга туташ парламент биноси олдига махсус хавфсизлик тўсиқлари ўрнатилган.