Толиблар Ғазнидаги ҳукумат базасини ишғол қилди

Толиб жангарилари ҳукумат армиясининг Афғонистоннинг еттинчи катта шаҳри бўлган Ғазнидаги ҳарбий базасини қўлга олди.

Мудофаа вазирлиги расмийсига кўра¸ 13 август куни мазкур база учун бўлган жангда 17 нафар ҳукумат аскари ўлган¸ 19 таси жароҳатланган.

Афғон парламенти депутати Ҳошим Отаққа кўра¸ толиблар ҳужуми пайтида базада 100 га яқин ҳукумат аскари бўлган¸ уларнинг 40 нафари толиблар томонидан асир олинган.

Айни пайтда¸ Толибон матбуот вакили ҳукумат аскарларидан 57 нафари ихтиëрий таслим бўлгани¸ 17 нафарининг асир олинганини билдирди. Толиблар шунингдек¸ АҚШ томонидан афғон армиясига берилган 8 дона зирҳли машинани ҳам қўлга олган.

Пойтахт Кобулни жанубий Қандаҳор вилояти билан боғловчи стратегик магистраль йўл ўтувчи Ғазни шаҳри 10 август куни Толибон томонидан ишғол қилинган эди.

Ҳукумат кучлари ҳужумидан сўнг¸ Ғазни шаҳри толиблардан қайтариб олинди¸ аммо шаҳарга туташ айрим ҳудудлар ҳамон толиблар қўлида қолмоқда.