Хьюман Райтс Вотч (HRW) халқаро ташкилоти Тожикистон ҳукумати мамлакатни тарк этган икки нафар мухолифатчининг фарзандларига оилалари билан қўшилиш учун хорижга кетишга рухсат берганини олқишлади.
«Ҳукуматнинг бу борадаги қарори жуда кеч қабул қилинганига қарамай, тожик фуқароларига мамлакатни тарк этишга рухсат бериб, ҳукумат тўғри иш қилди», дейилади HRW 14 августда тарқатган баёнотда.
Август ойининг бошларида Тожикистон ҳукумати вакиллари бувиси ва амакиси билан хорижга учаётган 10 ёшли Фотима Давлатовани Душанбе аэропортида самолётдан тушириб қолдирган эди. Бунинг ортидан Фотиманинг хорижда яшаётган онаси Шабнам Худоидодова билан қўшилишига тўсқинлик қилинган.
HRW баёнотида айтилишича, халқаро ташкилотларнинг бу воқеага билдирган норозилиги оқибатида 11 августда уларга Европага учиб кетиш учун янги билетлар олиб берилган.
Шунингдек, Тожикистон ҳукумати 1 августда 4 ёшли Иброҳим Ҳамзага тиббий ердам олиш учун хорижга учишига рухсат бермаган эди. Унинг отаси Руҳулло Тиллазода мамлакатда фаолияти тақиқланган «Ислом уйғониш партияси»нинг фаоли ҳисобланади.