Кремль Facebook тармоғидаги дезинформация саҳифаларига алоқадор эканини инкор этди

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков 22 августда Сочида ўтказилган брифингда рус ҳарбий разведкаси - ГРУ Facebook тармоғидан ёлғон маълумотларни тарқатиш учун фойдалангани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.

-Россия разведкасининг бунга қандай даҳли борлигини, Facebook бу ахборотни қаердан олганини тушунганимиз йўқ. Бу маълумот асоссиз ва исботсиздир, унинг бизга даҳли йўқ, - деди Песков.

Аввалроқ Facebook АҚШ Конгрессига сайлов арафасида ёлғон маълумотларни тарқатаётган 652та веб-саҳифани ўчиргани тўғрисида хабар берган эди. Facebook ширкатининг билдиришича, бу саҳифалар Россия ва Эронга алоқадор бўлган.

Facebook ўз платформасини назорат қилишни ўтган йилда кучайтирган эди. Бунга Россия агентлари 2016 йилги АҚШ президенти сайлови давомида тармоқда муваффақиятли равишда тарғибот қилгани туртки бўлди.