Тошкентда 12-сонли автосаройга қарашли 131-йўналиш бўйича қатновчи Merсedes-Benz Low Conecto маркасидаги йўловчи автобус 29 август куни соат 20:17 атрофида ёниб кетди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, Олмазор туманидаги “Зиёлилар” бекати ёнида ўт кетган автобусни воқеа жойига зудликда етиб келган ўт ўчирувчилар 5-6 дақиқа ичида ўчиришган.
Хабарда айтилишича, автобуснинг мотор бўлимида ёнғин чиқишга ёнилғи тизимидаги носозлик сабаб бўлган. Ёнғин оқибатида ҳеч кимга шикаст етмаган.
Тошкентда сўнгги уч йилда Mercedes Benz Conectо русумидаги йигирмага яқин йўловчи ташувчи автобус ёниб кетгани хабар қилинган эди.
Бундай ҳодисалар сабаби сифатида — автобусларнинг конструкциявий жиҳатдан маҳаллий шароитга мослашмагани, сифатсиз эҳтиёт қисмлар ишлатилиши, техник хизмат сифати пастлиги бўлиши мумкинлиги айтиб келинади.