АҚШ сенатори македонияликларни референдумда фаол иштирок этишга чақирди

Македонияда мамлакат номи ўзгартирилишига қарши кўплаб намойишлар ўтказилган.

АҚШ сенатори Рон Жонсон 9 сентябрь куни Греция сафарини якунлаб Македонияга келди ва бу мамлакат аҳолисини давлат номи ўзгартирилиши юзасидан ўтказилаётган референдумда фаол иштирок этишга чақирди.

-Мен Македония ва Греция бош вазирлари мамлакат номини ўзгартириш юзасидан АҚШ кўллаб-қувватлаган музокараларни ўтказганини олқишлайман. Мамлакат номини ўзгартириш бу македонияликларнинг ихтиёридаги нарса, шунинг учун ҳаммани овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиб, референдумда иштирок этишга чақираман,- деди Жонсон.

Бу масаладагни референдум 30 сентябрда ўтказилиши кутилмоқда.

Узоқ йиллар давом этган музокаралардан сўнг, 17 июнда Греция ва Македония ташқи ишлар вазирлари Македония номини Шимолий Македония деб ўзгартириш тўғрисидаги шартномани имзолаган

Греция 27 йилдан бери Македония номи ўзгартирилишини талаб қилиб келаётган эди. Афина ушбу номдан фойдаланиш ўзининг Македония деб аталувчи вилоятига қарши ҳудудий даъволарни назарда тутади, деб ҳисоблайди.

12 июнда Македония бош вазири Зоран Заев узоқ йиллар давом этган музокаралар якунланиб, Афина ва Скопье мамлакат номини Шимолий Македония деб номлаш тўғрисида келишиб олганларини айтган.

Афина ва Скопье ўртасидаги узоқ йиллик баҳсга нуқта қўйилиши Македония учун Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлиш имкониятини яратди.