Кобулда Аҳмад Шоҳ Масъудни хотирлаш маросимидаги портлаш масъулиятини ИД ўз зиммасига олди

Кобулдаги портлаш содир этилган жой.

Кобулда 9 сентябрь куни афғон мужоҳидлари лидери Аҳмад Шоҳ Масъудни хотирлаш маросими пайтида содир этилган худкуш ҳужум учун масъулиятин “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олди.

Маросим пайтида мотоцикл минган худкуш ўзини портлатгани оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлди, 25 киши яраланди. Ҳалок бўлганларнинг барчаси тинч аҳоли вакилларидир.

Кобул полициясининг билдиришича, бир неча соат олдин Масъуд хотираси учун намойишга чиққанларни портлатмоқчи бўлган яна бир шахс отиб ўлдирилди.

1980 йилларда Афғонистонга киритилган Совет Иттифоқи қўшинларига қарши жанг қилган мужоҳидлар раҳбари Аҳмад Шоҳ Масъуд 2001 йилнинг 9 сентябрида ҳалок бўлган эди. Унинг ўлими ортида Ал-Қайда жанггарилари тургани тахмин қилинади.

Афғонистоннинг ўша пайтдаги президенти Ҳамид Карзай Масъудни ўлимидан сўнг “Миллий Қаҳрамон” унвони билан тақдирлаган.