Исроил рус самолётининг уриб туширилишида Сурияни айблади

Ил-20 самолёти.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурияда Россиянинг Ил-20 самолёти уриб туширилгани ортидан президент Владимир Путинга таъзия билдирди ва мазкур воқеада Сурия ҳукуматини айблади. Нетаняҳу бу ҳақда Путин билан телефон суҳбати пайтида маълум қилган.

Reuters агентлигига кўра, Нетаняҳу самолётнинг уриб туширилиши юзасидан ўтказиладиган терговга керак бўладиган барча маълумотларни тақдим этишга ваъда берди.

Айни пайтда Путин Нетаняҳуга рус самолёти Исроилнинг айби билан Сурия ҳаводан мудофаа қўшинлари томонидан янглиш уриб туширилганни билдирган.

Москванинг билдиришича, Исроил Россия билан эришилган хавфли ҳолатларнинг олдини олиш бўйича шартномага амал қилмагани учун мана шундай воқеа юз берган.

Путин аввалроқ матбуотга Исроил рус самолётини махсус уриб туширган, деб ҳисобламаслигини айтган эди:

-Бир вақтлар Туркия қирувчиси бизнинг самолётни махсус уриб туширган эди. Бироқ бугунги воқеа кўпроқ фожеавий вазиятларнинг ўзаро занжир бўлиб боғланиб кетишига ўхшайди, чунки Исроил самолёти бизнинг самолётимизни уриб туширмади,-деди Путин.

Россия Мудофаа вазирлиги 17 сентябрь куни бортида 15 нафар ҳарбий бўлган Ил-20 самолётининг Ўрта ер денгизи устида уриб туширилганини тасдиқлаган ва ҳодиса учун Исроилни айблаган эди.

Самолёт президент Башар Ассадга содиқ кучлар томонидан Москва Дамашққа сотган С-200 ҳаводан мудофаа тизими воситасида уриб туширилган. Самолёт бортида бўлган ҳарбийларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Москва нуқтаи назарича, Исроил Латакия вилоятида Башар Ассад армиясига қарашли объектларни бомбардимон қилган ва ўша пайтда ҳавога кўтарилган Ил-20 самолётидан пана сифатида фойдаланган. Россия Исроил мана шундай ҳаракати билан самолётнинг уриб туширилишига сабабчи бўлган, деб ҳисоблайди.