Президент UzCard монополиясига барҳам берувчи қарорни имзолади

UzCard тўлов картаси.

Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрда UzCard тўлов тизимининг Ўзбекистондаги монополиясига барҳам берувчи қарорни имзолади.

«Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда Марказий банкнинг Миллий банклараро процессинг марказини ташкил этишга кўрсатма берилди.

Қарорда таъкидланишича, мазкур марказ тўловларни узлуксиз ўтказишни таъминлаш, инновацион маҳсулотларни илгари суриш, банк хизматларидан тўсиқсиз фойдаланиш ва тўлов хизматлари бозорида рақобатбардош муҳитни ривожлантириш билан шуғулланади.

Мазкур марказни 2020 йилнинг 1 январига қадар ишга тушириш белгиланган.

Бундан ташқари Марказий банкка 2019 йилнинг 1 январига қадар хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари ва умум тан олинган халқаро нормалар ва қоидалар асосида «Тўловлар ва тўлов тизимлари ҳақида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Бир неча кун олдин Ўзбекистонда монопол бўлган UzCard тўлов тизимининг ишида узилишлар бўлган эди.

UzCard тизимининг 15 сентябрда ишдан чиқиши Ўзбекистондаги 18 миллиондан ортиқ пластик карта муомаласига таъсир кўрсатди.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2018 йилнинг январь-август ойларида тўлов терминаллари орқали 39,2 триллион сўм пул тушган. Бу эса кунига ўртача 160 миллиард, соатига ўртача 6,7 миллиард сўм дегани.