Қирғизистонда АҚШ элчихонасига махфий маълумотларни берган милиционерларга суд ҳукми ўқилди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги АҚШнинг Бишкекдаги элчихонасига махфий маълумотларни бериб турганликда айбланиб қўлга олинган собиқ ва амалдаги қатор милиция ходимларига нисбатан суд ҳукми ўқилганини тасдиқлади.

24 сентябрь куни вазирлик матбуот котиби Бакит Сейитов Озодлик радиоси қирғиз хизматига “Уларнинг айримлари аввал милицияда ишлаган, кейин АҚШ элчихонасига ишга жойлашишган. Улар милицияда ишлаётган амалдаги ҳамкасбларидан маълумотларни олиб туришган. Масалан, мен кўрган маълумотларда, улар АҚШ элчихонасига айрим автомашиналарнинг давлат номерларини аниқлаб бергани акс этган”, деб айтди.

Олий Суднинг билдиришича, милиция ходимлари АҚШ элчихонасига тақдим этган маълумотлар махфий бўлгани тасдиқланди.

Олий суднинг билдиришича, милиция ходимларига нисбатан суд жараёни Бишкек шаҳар Биринчи Май туман судида ёпиқ тарзда ўтказилган. Шунинг учун ҳам милиция ходимларига чиқарилган ҳукм ошкор этилмайди.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси бу воқеа юзасидан изоҳ беришдан тийилмоқда.