Қашқадарёдаги тўйда овқатдан заҳарланганлар сони 72 кишига етди

Иллюстратив сурат

Қашқадарёдаги "Бахтли оила" тўйхонасида ўтган тўйда овқатдан заҳарланганлар сони 72 кишига етди.

30 сентябрь куни эрталаб, ​Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, 28 сентябрь куни 16 киши, 29 сентябрь куни яна 7 киши овқатдан заҳарланиб, шифохонага тушганини хабар қилган эди.

Уларга ўткир гастроэнтерит ташҳиси қўйилган.

Kun.uz нашрининг Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар қилишича, вилоят Юқумли касалликлар шифохонасида ташкил қилинган махсус штаб 30 сентябрга келиб овқатдан заҳарланган бошқа беморларни ҳам аниқлаган.

Уйма-уй юрган махсус гуруҳ текширувлари натижасида жами 74 киши - 18 ёшгача бўлган 4 нафар, 10 эркак ва 60 аёл киши касаллангани аниқланган.

Булардан 72 нафари шфохонада қолаётгани, уларнинг аҳволи ўртача енгил экани хабар қилинди.

Дастлабки расмий хабарда заҳарланганлар шу йилнинг 27 сентябрь куни "Бахтли оила" тўйхонасидаги базмда дастурхонга тортилган турли емаклардан аралаш истеъмол қилгач, касал бўлганини айтишгани билдирилган эди.

30 сентябрга қадар тўйхона ва тўй учун салат тайёрлаган хонадондаги текширувлар натижасида, ҳар икки масканда тайёрланган егуликлар санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

"Тўй маросимига 3 хил салат тайёрлаган Қарши шаҳар, Боғобод мавзеси, 1/26 коттежда яшовчи фуқаро М.Х.Ш. хонадонида санитария назорати ўтказилганда, салат тайёрлаш учун умуман шароит яратилмаганлиги аниқланди. Жумладан, салат тайёрлаш 1 та хонада амалга оширилган, хом маҳсулотларни ювиш учун 1 та ваннадан фойдаланилган", деб ёзди Kun.uz нашри.

Ҳодиса бўйича суриштирув ҳануз давом этмоқда.