Президент Мирзиёев Бўкага келиб кетганидан сўнг 5та туман ҳокими ойликларидан маҳрум қилинди

Президент Мирзиёев Бўка туманида пахтазорни кўздан кечирди ва фермерлар билан суҳбатлашди. Президент расмий сайтидан олинган фотосурат.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига қилган ташрифи якунида 5та туман ҳокими икки ойли маошидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Кун уз 14 октябрда ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди.

Аввалроқ президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги «Валихон ота» фермер хўжалигида пахта теримини кўздан кечиргани хабар қилган эди..

Президент шу ерда вилоят фермерлари ва қишлоқ хўжалиги мутасаддилари билан суҳбатлашган.

“Президент ташрифи давомида қатор камчиликлар аниқланган. Айрим давлат амалдорларининг фаолияти танқидга учраган", дейилади хабарда.

13 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокими пахта теримида сусткашликка йўл қўйгани учун Бўка туман ҳокими Нўмонали Избосаров, Пскент тумани ҳокими Абдусамат Акбаров, Бекобод туман ҳокими Неъмат Абдуллаев, Янгийўл туман ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтабоев ва Чиноз туман ҳокимини икки ойлик маошларидан маҳрум қилган.

Бундан ташқари, ҳокимлар агар вазият тузатилмаса, ишдан олиниши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирилган.