Македония парламенти мамлакат номини ўзгартириш масаласини муҳокама қилишни бошлади

Македонияда жорий йилнинг ёзида мамлакат номи ўзгартирилишига қарши намойишлар бўлиб ўтган.

Македония парламенти 15 октябрда мамлакат номини ўзгартириш масаласида конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан тингловларни бошлади. Бош вазир Зоран Заев парламент депутатларини мамлакат номини ўзгартиришни қўллаб-қувватлашга чақирди.

-Ўзингиздан: "Мен болаларимга, невараларимга, биздан кейинги авлодаларга истиқболли келажак яратиб беришни хоҳлайманми?" деб сўраб кўринг. Сизнинг овозингиз Македониянинг Европадаги келажагини белгилаб беради. Македония НАТОга аъзо бўлади ва Европа Иттифоқига қабул қилинади,-деди Зоран Заев.

Македонияда 30 сентябрда мамлакат номини ўзгартириш юзасидан референдум ўтказилган. Унда қатнашганларнинг 91,3 фоизи номни ўзгартириш учун овоз берди. Бироқ референдумни бўлиб ўтган деб ҳисоблаш учун зарур бўлган даражада одам келмади.

Бунинг ортидан референдумда Македония номини Шимолий Македония деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинмади.

Грециянинг бир вилояти ҳам Македония деб аталиши туфайли, Афина келажакда ҳудудий ихтилоф чиқишининг олдини олиш мақсадида 1991 йилдан бери Македониядан ўз номини алмаштиришни талаб қилиб келаётган эди.

Македония билан Греция 2018 йилнинг июнида мамлакат номи ўзгартирилиши юзасидан келишувга эришган эди.