Трамп саудиялик журналист "ҳақиқатан ўлдирилганга ўхшайди", дея баёнот берди

Жамол Хашогги.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг айтишича, саудиялик журналист Жамол Хашогги "ҳақиқатан ўлдирилганга ўхшайди". Оқ уй раҳбари Мэриленддаги Эндрюс авиабазасида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, ана шундай баёнот берди.

Трампнинг қайд этишича, у терговнинг расмий якунларини кутмоқда, бироқ агар Саудия Арабистони расмийларининг журналист ўлимига алоқадорлиги тасдиқланса, у ҳолда ар-Риёд учун бунинг оқибатлари ўта оғир бўлади.

Турк расмийлари Истанбулдаги Саудия консуллигини журналист Жамол Хашоггининг ғойиб бўлишига алоқадор, деб ҳисоблайди. У 2 октябрь куни дипломатик миссия биносига кирганидан сўнг йўқолган. Журналист ўзининг суюклиси билан янги никоҳ тузиш учун ажралиш тўғрисида ҳужжат олишни режалаштирган эди. Турк терговчиларининг тахминича, Хашогги консуллик ҳудудида ўлдирилган. Ар-Риёдда расмийларнинг журналистнинг ғойиб бўлишига алоқадорлигини рад этишмоқда.

Турк нашрлари охирги кунларда журналистнинг қасддан ўлдирилганига оид тахминлардан далолат берувчи турли хил материалларни ёйинлаяпти. Жумладан, Хашоггининг ғойиб бўлишига алоқадорликда гумонланган беш киши Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ал Сауд билан алоқадор бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Ҳозирги вақтда ишни Туркия-Саудия қўшма тергов гуруҳи биргаликда ўрганмоқда. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари терговни БМТ даражасида ўтказишга чақиряптилар.

АҚШ президенти Дональд Трамп аввалроқ Хашогги ўлдирилиши ортида қироллик расмийлари турган бўлса, Саудия Арабистони жазоланишига ваъда берганди. АҚШ ар-Риёд билан энг аввало, мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилади, Саудия Арабистонига қуроллар етказиб беради. Хашогги иши муносабати билан Вашингтон бир неча бор ушбу ҳамкорликни тўхтатишга чақирилди.

Хашогги Саудия Арабистонидан қочиб, АҚШда яшаб келган, у ерда The Washington Post газетаси учун мақолалар ёзиб келган. Ўз мақолаларида у ар-Риёднинг амалдаги сиёсатига қарши чиққан.