Афғонистондаги парламент сайловлари зўравонлик ва тартибсизликлар билан ўтди

Афғонистонда 20 октябрь куни парламент сайловлари сайлов участкаларида техник ва маъмурий муаммолар ҳамда зўравнлик ва тартибсизликлар билан ўтди.

Айрим сайлов округларида барча сайловчи овоз беришга улгурмагани учун овоз бериш 21 октябрь куни давом этадиган бўлди.

Сайловчилар айрим ҳудудларда участкалар ўз вақтида очилмагани, сайлов комиссияси аъзолари келмагани, сайлов материаллари етишмагани ҳамда техник муаммолар юзага келгани ҳақида арз қилгани хабар қилинди.

Мамлакат бўйлаб сайлов участкалари ҳамда хавфсизлик ходимларига қилинган ҳужумларда камида 25 одам ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Пойтахт Қобулда бомба портлаб, камида уч одам ҳалок бўлган, 30 дан ошиқ одам жароҳатланган. Ғор вилоятида 11 полиция ходими, Қундуз вилоятида эса уч нафар оддий фуқаро ҳалок бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, парламент сайловларида овоз бериш учун деярли 9 миллион одам рўйхатдан ўтган.