Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманида 2014 йилда собиқ раҳбар шахсга 15 миллион сўм бериб, пулини ололмаган кишининг ўзига қабр ковлатиб, таҳдид қилган жиноий гуруҳ ушланди.
Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ИИБ матбуот хизматига таянган Daryo.uz Интернет нашри хабар тарқатди.
Хабарда айтилишича, пулини қайтаришни талаб қилавергач, Э.А. дея исми қисқартириб берилаётган жабрдийдани туманнинг "Узумзор" маҳалласидаги бир уйга чақириб, унга таҳдид қилишган.
"Э.А.ни ўзига қабр қазишга мажбур этади. Қўл-оёғини боғлаб, пулини сўраши туфайли М.ни обрўсизлантирганлиги сабабли уни ўлдириб, шу ерга кўмиб кетишларини, агарда жони керак бўлса, Cobalt автомашинасини сотиб, 50 миллион сўм беришини, шундагина уни тинч қўйишларини айтиб, шарт қўйишади", деб хабар қилади Интернет нашри.
Натижада, Э.А. аввалига машинасини сотиб, жиноятчиларга 37 миллион сўм пулни беради ва сўнгра, туман ИИБ бошлиғи номига ариза ёзади.
Сўнгра, туман ИИБ тезкор гуруҳи пулнинг қолган қисмини олишга уринган жиноятчиларни қўлга олади.
Ҳозирда ушбу иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари бораётгани хабар қилди.