Вазирлик 5 кунлик иш ҳафтасига ўтишни “мақсадга мувофиқ эмас” деб топди

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги биноси.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги барча бюджет ва нодавлат ташкилотларнинг тўлиқ 5 кундан иборат иш ҳафтасига ўтишини мақсадга мувофиқ эмас,деб ҳисоблайди. Вазирлик сайтида ёйинланган хабарга мувофиқ, бу таклиф меҳнат қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни талаб этгани учун ҳам маъқул эмас.

“Биринчидан, бутун ҳафта давомида узлуксиз иш тартибига эга барча бюджет ташкилотлари, шу жумладан, тиббиёт ва таълим муассасалари учун мажбурий 5 кунлик иш ҳафтаси барча шифохона, поликлиника, мактаб, коллеж, ОТМлар, шунингдек, нодавлат ташкилотларга тааллуқли корхоналарнинг 5 кунлик иш ҳафтасига ўтишини тақозо этади. Иккинчидан, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, иш ҳафтаси тури ва иш вақти тартиби корхонада ички меҳнат тартиб қоидалари, иш жойидаги бошқа меъёрий ҳужжатлар, агар улар мавжуд бўлмаса, ишчи ва иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича ўрнатилади”, дейилади хабарда.

Барча бюджет ва нодавлат ташкилотларни тўлиқ 5 иш кунидан иборат иш ҳафтасига ўтказиш таклифи Mening Fikrim сайтида 15 октябрь куни Одил Ражабов томонидан илгари сурилганди. Муаллифга кўра, ўз таклифининг қатор афзал жиҳатлари бўлиб, бу амалиёт ривожланган Европа ва Осиё мамлакатларида кенг қўлланилиб, ўзининг иқтисодий ва ижтимоий самарасини амалда исботлаган.

Mening Fikrim сайти қоидаларига кўра, петиция 90 кун ичида 10 мингдан кам бўлмаган овоз олган тақдирдагина расмийлар томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилиниши лозим. Ҳозиргача петиция 743 та овоз тўплаган, бироқ вазирлик унга муносабат билдириб бўлди.