Умрага борувчи зиёратчилар сони бўйича чеклов олиб ташланди

Ўзбекистонда Умра сафарига борувчи зиёратчилар сони (квота) бўйича бундан буён чеклов қўйилмайди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Нуриймон Абдулҳасан 25 октябрь куни Тошкентда ўтган брифингда маълум қилган.

Шунингдек, Умрага отланган ўзбекистонликлар эндиликда 13 миллион 650 минг сўм эмас, балки 5 миллион 804 минг сўм ҳамда Тошкент – Жидда – Тошкент авиачиптаси нархини (5 миллион 96 минг сўм) тўлайдилар.

Зиёратчилар тўлайдиган 5 миллион 804 минг сўм ичига Саудия Арабистони подшоҳлиги расмий визаси, Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона, ўзбек ошпазлари томонидан тайёрланадиган таомлар, 24 соатлик бепул тиббий хизмат, мамлакат рамзлари туширилган махсус либос, ибодат қўлланмаси, бейжик, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари учун харажатлар киритилган.

Куз мавсумидаги Умра зиёратининг дастлабки рейси шу йил 28 октябрида амалга оширилиши айтилмоқда.