Даставару дастаёру дастабон – тожик олимлари совет замонидаги ҳарбий унвонларга муқобил излаяпти

Тожикистонда совет давридан бери сақланиб қолаётган ҳарбий унвонларга муқобил қидирилмоқда. Тожикистон ҳукумати қошидаги Тил ва атама қўмитаси шу кунларда Ахамонийлар, Сосонийлар ва Сомонийлар давридаги қадимий қўлёзмаларни тадқиқ қилган олимлар, тарихчилар ва ҳарбийлардан иборат махсус гуруҳ тузди.

Гуруҳ миллий армия зобитлари ва сержантларига бериладиган ҳарбий унвонларнинг тожикча номланишларини муҳокама қилиш ва маъқуллаш билан шуғулланади. Мутахассисларга ҳарбий атамалар ҳамда ҳарбий бўлинмалар номларини ҳам давлат тилига ўгириш вазифаси юклатилади.

Тил қўмитаси масъули Абдураҳим Зулфониённинг “Озодлик” тожик хизматига билдиришича, мутахассислар ҳарбий унвонлардан айримларига тожикча муқобил номлар таклиф қилиб бўлганлар. Мас., ефрейтор - радабон, кичик сержант - даставар, сержант - дастаёр, катта сержант - дастабон, старшина - сардаста, капитан – садавар, подполковник – лашкарёр, полковник – сарлашкар каби.

Тил қўмитаси генерал-майор, генерал-лейтенант ва генерал-полковник каби юқори унвонлар таржимаси бўйича ҳали бир қарорга келган эмас. Мутахассисларнинг айримлари “генерал”ни “солор” деб ўгиришни таклиф қилишган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси, истеъфодаги генерал-полковник Сайдамир Зуҳуров жаҳондаги кўп тилларда бўлган “генерал” сўзини тожикчага таржима қилишнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблайди.

Аввалроқ тожик расмийлари ҳужжатларда русча фамилиялардан фойдаланишни тақиқлаб қўйган. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 2007 йилдаёқ ўз фамилиясидаги русча “ов” қўшимчасидан воз кечган, кейинчалик бошқа амалдорлар ҳам бу ишда унга тақлид қилишганди.

Бироқ бир неча ойдан кейин минглаб тожикистонлик, асосан, меҳнат муҳожирлари русча фамилияларга қайтишга мажбур бўлишган. Улар русча фамилия Россияда исм билан фамилияни фарқлай олмай қолаётган полиция ва иш берувчилар билан юзага келувчи муаммолардан халос қилишини айтганлар.